Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида эшаклар «қабристони» аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, Таза-бағ ва Қирққизобод овуллари ҳудудида эшаклар «қабристони» топилган. Сўйилган эшак суяклари 3 та майдонга ташланган. Уларнинг биттасида 55 та эшакнинг қовурғалари борлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат 12 февраль куни ижтимоий тармоқларга тарқалган видеотасвирдан кейин аниқланган. Видеотасвирда таъкидланишича, эшаклар одамларга тарқатилаётган бўлиши мумкин. Агар у ҳайвонот боғларига олиб кетиладиган бўлганида суяклари билан кетиши керак эди.

Эшаклар қассоб томонидан сўйилиб, қовурға суякларидан гўштлар силлиқ ажратиб олинган. Қабристонда янги сўйилган эшакларнинг қовурға суякларидан ташқари калласини, қулоқларини кўриш мумкин. Видеотасвирда маълумот берилишича, эшак суяклари 2021 йил январь ойидан буён 3 маротаба олиб келиб ташланган.

Элликқалъа тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, ҳайвонлар касалликларини аниқлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва Давлат маркази мутахассислари тумандаги барча гўшт дўконларида текширувлар ўтказган. Туман аҳолиси ўртасида эшак сотиб олишни сўраган ва сотиб олган фуқаролар ҳақида суриштирув ишларини бошлаган. Лекин ҳозиргача эшаклар нима мақсадда сўйилганлиги бўйича маълумот йўқ.

Элликқалъа тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими тумандаги гўшт дўконларида асосан қора мол гўшти сотилишини, қора моллар эса Элликқалъа ОФЙ ҳудудидаги кушхонада сўйилишини маълум қилган.

Ҳозирда кушхона ва тумандаги гўшт дўконларида сотилаётган гўштларнинг яроқлилик маълумотномаси ва гўштга қўйилган клеймолари мавжуд эканлиги ўрганилмоқда. Мазкур ҳодиса юзасидан туман ҳокимлигига, прокуратурасига ва ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қилинган.

Аввалроқ Фарғонада мушук гўштини сотган тадбиркорлар ушлангани тўғрисидаги хабарга ойдинлик киритилганди.