Президент БМТда имконияти чекланганлар қобилиятини рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матубот хизмати хабар қилди.

Президент нутқ аввалида бугун Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ушбу учрашувда биринчи марта иштирок этаётганлигини, сўнгги йиллар давомида Кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келинганини таъкидлаган. Шунингдек, БМТнинг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини илгари суриш учун Кенгаш аъзолари, барча шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттиришни маълум қилган.
Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши айтилган.
Хусусан, Шавкат Мирзиеёв имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этган.
«Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда», — деди давлат раҳбари.
Маълумот ўрнида, коронавирус пандемияси муносабати билан кенгашнинг навбатдаги йиғилиши Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилган. Йиғилиш кун тартибидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, шу жумладан фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий платформада биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзланган.
