Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль, жума куни Наманган вилоятига ташрифи давомида 14 нафар қария яшаётган «Саховат» уйига бориб, улар билан суҳбатлашган ва тўрт ой ичида Наманган шаҳрида қариялар уйи учун янги бино қуриб берилишини айтганди. Мазкур қариялар уйида қурилиш ишлари бошланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, ҳозирги бино 1982 йилда қурилган бўлиб, аввал пахта тозалаш заводининг дала ҳовлиси бўлган. Айни пайтда бу ерда 14 нафар қария яшайди.

«Менга ‘Саховат’ уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 4 ой ичида Наманган шаҳрида ‘Саховат’ уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз, даволанасиз», — деган эди бу ерда ташриф чоғи нуронийлар билан кўришган давлат раҳбари.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Наманган шаҳрининг Орзу маҳалласида ана шу қариялар уйи учун 24 февраль куни қурилиш қайтадан бошланди. Аслида 50 ўринли бу даргоҳни барпо этишга 2016 йилда киришилган, бироқ турли сабабларга кўра қурилиш тўхтаб қолган. Ҳозирда «Саховат» уйи 120 ўринга қайта реконструкция қилинмоқда.

«Бино энерготежамкор, яшаш, дам олиш ва соғлигини тиклаш учун барча шароитларга эга бўлиши кўзда тутилган. Санузеллари ичида бўлган икки кишилик хоналар, бассейн, тренажёр заллари бу ерда истиқомат қилувчилар ихтиёрида бўлади. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззoқов бугун қурилиш жойида бўлиб, лойиҳа билан батафсил танишди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди», дейилади хабарда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Наманганда Президент танқид қилган маҳаллада спорт мусобақалари ўтказилиши, уй-жой ва биноларни инвентаризация қилиш ишлари бошлангани ҳамда вилоят ҳокими ушбу маҳаллада контейнерда яшаши маълум қилинганди.