Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Германия, Швейцария ва Австрия шаҳарларида тарғиб қилинади
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда «Global Communication Experts» агентлиги билан ҳамкорликда Германия, Швейцария ва Австрия мамлакатларининг 20 дан ортиқ блогери, хорижий журналистлар, туристик ҳамда онлайн ахборот агентликлари вакиллари иштирокида онлайн учрашув ташкил этди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати«Bugun.uz»га маълум қилди.

Хабарга кўра, учрашувда хорижий журналистлар ва туризм соҳаси вакилларига республикамизда санитария-эпидемиология хавфсизлик концепсиясига мувофиқ туристларнинг мамлакатимизда хавфсиз саёҳат қилиши мақсадида яратилган «Uzbekistan. Safe travel Guaranteed» тизими борасида сўз юритилди. Шунингдек, хорижий блогерлар ва туризм соҳаси вакиллари учун Самарқанд шаҳрининг маркази бўлган Регистон майдонидан олиб борилган тўғридан-тўғри репортаж қўйиб берилди.
Видеомулоқот якунлари бўйича томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, пандемиянинг соҳага зарарини камайтиришга доир ишлар бўйича маълумот алмашиб бориш ҳамда «Global communication Experts» агентлиги вакиллари Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини чет элда тарғиб қилиш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаш ва республика туризм соҳасида амалга оширилаётган доимий ислоҳотлар, янгиликларга доир ахборотларни хорижда кенг ёритишга тайёр эканлигини билдирди.
Маълумот ўрнида, «Global communication GmbH» компанияси 2009 йилдан буён Германия, Австрия ва Швейцария бозорларида туризм ва меҳмонхона соҳалари вакилларининг манфаатларини илгари суриш учун ишлаб келмоқда. 2019 йилда ушбу хорижий компаниянинг товар айланмаси 28 миллион еврони ташкил этди. У Туркия, Испания, Индонезия, Малайзия, Коста-Рика, Исроил ва Чилидаги шериклари билан ҳамкорлик қилади.
Аввалроқ Сурхондарёдаги «Айритом» чегара-божхона постида туризм ахборот маркази очилгани ва Туркиялик инфлюенсерлар зиёрат туризми бўйича Ўзбекистонга келгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистондаги 4 та ОТМда туризм соҳасида магистратура йўналишлари очилиши хабар қилинган.