Тошкент ерусти ҳалқа метросининг Дўстлик-2–Қўйлиқ йўналиши 4-бекатининг ўпирилган ҳолатига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ изоҳ берди.

Кадр: Telegram/@mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, метронинг 4-бекатида қурувчилар томонидан 24 февраль куни тунги соат 00:00 дан кейин — метро поездлари ҳаракати тўхтатилгандан сўнг кабель ўтказиш кўпригини қуриш учун бетоннинг бир қисми очилган. Бунда махсус ускуна ёрдамида лойиҳа ҳужжатларига асосан иш олиб борилган. Метро эстакадаси остидан ҳаракатланувчи пиёдалар ва автомобиллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тунги пайтда ишлар ташкил қилиниб, қурилиш меъёрлари асосида амалга оширилмоқда ва мутахассислар томонидан назоратга олинган хавфсизлик қоидаларига риоя этилади.

Хабарда кабель ўтказиш кўприги қурилиши эстакада мустаҳкамлигига зарар етказмаслиги айтилган. Махсус дарча очиш ишлари якунлангандан сўнг йўлдаги чиқиндилар тозаланган.

Маълумот ўрнида, Дўстлик-2–Қўйлиқ йўналиши бекатларида кабель учун ўтказиш кўприги қуриш ишлари лойиҳа ҳужжатларига асосан қурилишнинг иккинчи босқичида амалга ошириш режалаштирилган. Электр кабелларини эстакада остки қисмидан ўтказиш лойиҳалари ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилган ва ижобий хулоса олинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда «снос»лар туфайли бузилган мулкларнинг 55 фоизига компенсация тўланмагани ва Тошкент вилоятида 8 нафар фуқарога 2 млрд сўмдан зиёд компенсация ундириб берилгани маълум қилинган эди.