Ўзбекистонда вакцинация тадбирлари учун 3 мингдан зиёд эмлаш пунктлари ташкил этилади. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова маълум қилди.

Фото: «EPA»

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда эмланиши зарур бўлган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, 3 138 та эмлаш пункти, 862 та ҳаракатдаги ва мобиль бригада фаолиятини йўлга қўйиш ишлари олиб бориляпти. Битта марказий, ўн тўртта ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш жойи мавжуд бўлиб, улардаги 457 та совутгич, 148 та электр генератори, 121 та термосумка ва термоконтейнерлар шай ҳолатга келтирилган.

«Бундан ташқари, аҳолини коронавирусга қарши эмлашга талаб юқори бўлган тақдирда, ҳудудлардаги спорт иншоотлари ёки бошқа бинолар, ҳозир консервация қилинган тақсимлаш ва саралаш марказларида вакцинация тадбирларини оммавий ташкил этиш режалаштирилган. ‘Совуқлик занжири’ тизимини сақлаган ҳолда вакциналарни ҳудудлар орқали ташиш учун мамлакатимизга 17 та авторефрижератор ва 206 мини-авторефрижератор келтирилди», дея маълум қилган Шаҳло Турдиқулова.

Аввалроқ Президент аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлагани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойида бошланиши хабар берилганди.