Ҳудудларда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил қилинади
Ўзбекистонда 2021 йил якунига қадар туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари негизида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади. Бу борада ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, ушбу марказларга қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга ташхис қўйиш ва даволаш, тиббий ёрдамнинг сифат стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш каби вазифалар юкланмоқда.
Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида белгиланишича, аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда марказларда 50 тадан 60 тагача шифо ўринлари ташкил этилади ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг штатлари сақланган ҳолда қўшимча равишда нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлари киритилади.
Республиканинг 13 та ҳудудида бу каби марказлардан 35 та ташкил қилиниши ва 126 та туман ва шаҳарлардан 17 миллион 797,4 минг аҳолини қамраб олиниши режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, чора-тадбирлар режасини амалга ошириш учун жами 209,4 миллиард сўм ва 37,7 миллион АҚШ доллари йўналтирилади. Шундан 209,4 миллиард сўм давлат бюджети маблағларидан ва 37,7 миллион АҚШ доллари эса Жаҳон банки «Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш» лойиҳаси доирасида ажратилади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар ягона платформага мажбурий тартибда уланади
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш тизимида 22 миллиард сўм миқдорида қонун бузилиши аниқлангани ҳақида хабар берилганди.