Ўзбекистонда 2021 йил 25 февралда ҳукумат қарори билан божхона постларида нормадан ортиқ товарларни вақтинча сақлаш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.

Фото: «Kazinform»

Таъкидланишича, жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларга нисбатан амалга ошириладиган тартиблар тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Унга кўра, давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган барча товарларнинг вазни ва миқдори ўлчовдан ўтказилиши шарт. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларнинг ҳужжатлари кўпи билан 30 календарь куни, тез бузиладиган товарлар эса кўпи билан 2 календарь куни мобайнида сақланиши белгиланган.

Маълумот учун, сақлаш муддати уларни вақтинча сақлаш учун қабул қилинган куннинг кейинги кунидан ҳисобланади. Шунингдек, фуқаролар томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатлари тақдим этилмаган тақдирда давлат божхона хизмати органи товарларнинг божхона қийматини мустақил равишда белгилайди.

Бундан ташқари, постлар томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаганлик учун товарлар вақтинча сақловга олинган кундан эътиборан ҳар 100 килограммгача оғирликка тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган ҳар бир календарь куни учун қуйидаги миқдорда солиқ белгиланади.

  • дастлабки 5 кунда БҲМнинг 5 фоизи (12 минг 250 сўм) миқдорида, кейинги 10 кунда БҲМнинг 7 фоизи (17 минг 150 сўм) миқдорида, қолган кунларда БҲМнинг 10 фоизи (24 минг 500 сўм) миқдорида;
  • тез бузиладиган товарларни вақтинча сақлаганлик учун БҲМнинг 15 фоизи (36 минг 750 сўм) миқдорида божхона йиғими ундирилади.

Товарларни қайтариш, эгаси томонидан божхона органи тасдиқлаган далолатнома нусхаси ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш билан амалга оширилади. Товарлар божхона йиғими тўлангандан ҳамда ҳужжатлар расмийлаштируви тугагандан кейин дарҳол қайтарилади.

Аввалроқ Илҳом Мухторов давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ва божхоначига 9400 доллар таклиф қилган шахс ушлангани хабар қилинганди.