Блогер Отабек Сатторий иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди
У 8 кишининг сир сақланиши керак бўлган маълумотларини интернет орқали ошкор қилиш билан қўрқитгани аниқланди
Сурхондарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнини якунлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, блогер Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнидан 2021 йил январига қадар саккиз кишининг сир сақланиши керак бўлган маълумотларини интернет орқали ошкор қилиш билан қўрқитиб, уларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келгани аниқланган.
Интернет (Telegram, Facebook, YouTube) орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни фуқаро И.Х., М.А., Н.Н., Т.К., Ў.Т., А.Х., З.Х., Л.Т.ларга нисбатан содир қилиб, ушбу фуқароларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги маълум бўлган.
Сатторий Отабек Абдуманонзодага 24 февраль куни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а»,«б» бандлари ва 3-қисми «а» банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми «а, г» бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев блогернинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятга муносабат билдириб, Отабек Сатторий олдин шахсий учрашув пайтида Сурхондарё расмийларининг танқидий чиқишлари учун босим ўтказгани ҳақида хабар берганини айтган.
Аввалроқ Олий суд Сурхондарёда телефон тамагирлигида гумонланаётган блогер иши бўйича баёнот берган эди. Шунингдек, «Бу масалада мавҳумлик ва зиддиятлар кўп». Журналистлар ижодий уюшмаси қамоққа олинган сурхондарёлик блогер иши бўйича муносабат билдирган.