Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 4 март куни YouTube’даги «Alter Ego» лойиҳаси муаллифига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг шахсий ва умумий сифатлари ҳақида гапирди.

Кадр: YouTube/ «Alter Ego»

Журналист Кирилл Альтман Сенат раисининг биринчи ўринбосарига: «Ислом Каримовни яхши ёки ёмон инсон деб эмас, балки умумий инсон сифатида қандай бўлганлигини айта оласизми?» — дея савол берган.

Сафоевнинг таъкидлашича, Ислом Каримов сиёсий раҳбар жиҳатидан ҳамиша ўз сўзида ҳамда позициясида турган.

«Бу инсон билан кўп суҳбатлашган бўлсам-да, яхши биламан, дея олмайман. Ислом Каримов барчани масофада сақлаган. Ҳатто яқинларини ҳам. Шу боис унга нисбатан шахсий характеристика беришни истамаган бўлардим. Аммо у сиёсий раҳбар жиҳатидан ҳамиша ўз сўзида ҳамда позициясида турган.

Энг асосийси, Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ва бунга эришган инсон ҳисобланади. Ва айнан шу амали билан эътиборга тушган», — дейди Содиқ Сафоев.

Аввалроқ Содиқ Сафоев Ўзбекистон–Буюк Британия қўшма корхонаси раҳбарияти билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.