«Кўзимни очсам, реанимацияда ётган эканман». Жиззахда тез ёрдам шифокори дўппосланди — видео
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 2021 йилнинг 1 март куни тез ёрдам шифокори беморнинг ўғли томонидан клатакланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа содир бўлган куни кеч соат 22:09 да Шароф Рашидов тумани Халқобод маҳалласида яшовчи фуқародан тез ёрдамга чақирув тушган. Бу вақтда тез тиббий ёрдам бригадаси Файзобод маҳалласидаги яна бир беморга хизмат кўрсатаётган бўлган. Ишларини якунлаб, 17 дақиқада кейинги манзилга етиб борилганида беморни кўришга ҳам улгурмай, хонадонда яшовчи йигит шифокорнинг юзига боши билан зарба беради.
«Боришимиздан олдин телефон қилиб, хонадоннинг рақамини сўрадик. 67-уй эди. Шу уйга етиб борганимизда хонадонга кириб бормасимиздан бир йигит келиб, сўрашиб, ким билан гаплашдинг, деб қўққисдан боши билан урди. Ҳушимдан кетдим. Кейинги воқеаларнинг ҳеч бирини эслай олмайман. Кўзимни очсам, реанимацияда ётган эканман», — дейди жабрланган шифокор.
Ҳушидан кетган шифокорни ҳайдовчи шифохонага олиб борган. Фельдшер эса беморга қарагани чақирилган хонадонда қолади. Шифокорга бош миянинг лат ейиши, бурун суягининг синиш ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шифокорга нисбатан суд тиббий экспертизаси тайинланган.
Мавзуга доир:
- Қашқадарёда эр хотинини калтаклаб, ўлдириб қўйди — видео
- «Tashkent city»да 22 ёшли боғбон йигит шу ердаги ишчи томонидан калтакланди
- Тошкентда Миллий гвардиячининг тарафини олган йигит орган ходимлари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди
Аввалроқ Тошкентда боласига калтаклаб тарбия бераётган аёл иши бўйича маълумот берилган эди.