Катта Фарғона каналида чўкиб кетган йигитнинг ўлими сабаби маълум бўлди
Номаълум сабабларга кўра 2020 йилнинг 22 декабрь куни ўзини Катта Фарғона каналига ташлаб, чўкиб кетган ёзёвонлик ўсмир йигит А.А.нинг жасади 2021 йилнинг 5 март куни топилгани ҳақида хабар берилганди. Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси йигитнинг ўлими сабабини маълум қилди.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Исмоил Шариповнинг маълум қилишича, бу борада олиб борилган қидирув ишлари натижасида марҳумнинг жасади каналнинг қўшни — Тошлоқ туманидан оқиб ўтувчи Бесаранг қишлоғи ҳудудидан топилган. Унинг шахсига яқинлари томонидан аниқлик киритилган.
Хабарда айтилишича, суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосаларига қараганда, ўсмир йигитнинг ўлимига нафас йўлларининг сув билан беркилиши оқибатида юзага келган механик асфикция сабаб бўлган.
Маълумот ўрнида, Ёзёвон туманининг Бўтқачи қишлоғида яшаган 10-синф ўқувчиси А.А. Катта Фарғона каналига чўкиб кетган эди. Икки таниши ҳамроҳлигида бўлган вояга етмаган А.А исмли йигит 2020 йилнинг 22 декабрь куни баъзи сабабларга кўра кийимларини ечиб, Катта Фарғона каналига тушган ва чўкиб кетган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қутқарув гуруҳи томонидан қутқарув ишлари олиб борилган.
Мавзуга доир: