Бухорода газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
Бухоро вилояти Бухоро туманида газдан ноқонуний фойдаланиб келган иссиқхона аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан «Бухоротумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Ж.В.» корхонага қарашли иссиқхонада мансабдор шахслар ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминловчи юқори босимли газ қувурига тўғридан-тўғри уланган.
Оқибатда газ таъминоти корхонасига 106,1 миллион сўм зарар етказганлиги аниқланган. Иссиқхонада ноқонуний фойдаланилган табиий газ 1 ой давомида ҳудуддаги 280 та хонадонни узлуксиз таъминлашга етиши тадбир давомида маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда газга ноқонуний уланган оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех аниқлангани ва Хоразмда фуқаронинг уйини газ тармоғига улаб бериш учун 200 доллар сўраган мансабдор қўлга тушгани хабар қилинган эди.
