Олимлар Жанубий Африкада 2020 йил охирида аниқланган коронавируснинг янги штамми инсон ҳужайраларига осонроқ кириб бориш, тезроқ тарқалиш ва иммунитетга қарши тура олиш каби бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Nature» журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Associated Press»

Маълум қилинишича, тегишли тадқиқот Жанубий Африка, Бразилия, Буюк Британия, Германия ва АҚШ олимлари томонидан Дурбан шаҳридаги Квазулу-Натал университети профессори Тулио де Оливейра бошчилигида ўтказилган. Якуний натижалар «501Y.V2» штаммининг Шарқий Капда биринчи эпидемия тўлқини якунланиши биланоқ пайдо бўлганлигини кўрсатган. Дастлаб Нельсон Мандела кўрфази ҳудудида аниқланган штамм тезликда уч провинция – Шарқий ва Ғарбий Кап ҳамда Квазулу-Наталга тарқалган.

Олимларнинг айтишича, изланиш давомида «501Y.V2»нинг бошқа штаммлардан фарқи инсон организмига осонроқ кириб бориши ҳамда иммунитет тизимидан қоча олишида намоён бўлган.

Тадқиқот давомида 2020 йил 5 март ва 10 декабрь кунлари орасида Жанубий Африкада тўпланган 2882 та SARS-CоV-2 геномини таҳлил қилинган. Штаммнинг бошоқли оқсилида саккизта мутация аниқланган. Бироқ улар ҳали тўлиқ ўрганилмаган.

Аввалроқ «Жанубий Африка» штаммининг кутилмаган хусусияти аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «AstraZeneca» вакцинаси коронавируснинг «Жанубий Африка» штаммига қарши кураш учун мослаштирилиши айтилган.