12:56 | 09.03.21 113

Қамоққа олинган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши бўйича суд жараёни бошланади

Унга аввалроқ товламачилик билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган эди

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнини якунлаган эди. Олий суднинг маълум қилишича, Музработ туман судида 11 март, пайшанба куни унинг иши бўйича суд жараёни бошланaди.

Фото: Facebook / Отабек Сатторий

Хабарга кўра, Жиноят кодексининг 139- (Туҳмат), 140- (Ҳақорат қилиш) ва 165- (Товламачилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кўриб чиқишга доир очиқ суд жараёни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида 11 март куни соат 10.00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Сурхондарё вилояти Термиз ИИБ ходимлари блогер Отабек Сатторийни ҳибсга олган. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир кишини мажбуран машинага ўтирғизиб, олиб кетгани акс этган видеоёзув тарқалган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев блогернинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятга муносабат билдириб, Отабек Сатторий олдин шахсий учрашув пайтида Сурхондарё расмийларининг танқидий чиқишлари учун босим ўтказгани ҳақида хабар берганини айтган.

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш раҳбари Комил Алламжонов ҳам сурхондарёлик блогер иши бўйича муносабат билдирган эди.