Тошкент шаҳар Чилонзор туманида қора рангли «Nexia-3» автомобилида таксичилик қилган номаълум эркак 11 ёшли ўғил болани зўрламоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, мазкур такси ҳайдовчиси қўлга олинди.

Фото: «Olx.uz» / Иллюстратив

Хабарга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан гумон қилинувчининг шахси аниқланди. У 47 ёшли Ғ.Д. (эркак) бўлиб, ҳозирги кунда у ушланган. Қайд этилишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми билан айб эълон қилиниб, суд томонидан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Чилонзор тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига 30 ёшли Б.Ж. мурожаат қилган. Фуқаро ўз аризасида унинг 11 ёшли ўғлига нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган таксичига нисбатан чора кўришни сўраган. Отанинг мурожаатидан сўнг мазкур факт Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назоратига олинган.

Шунингдек, мазкур факт бўйича Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вояга етмаган қизнинг номусига тегишда айбланган хонанда Жасур Умиров 5 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди.