12:21 | 10.03.21 52

Бухоро вилоятида 22 нафар мансабдор ишдан олинди

Улар аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда эътиборсизлик ва масъулиятсизлиги учун бўшатилган

Бухорода Президент Халқ қабулхоналарига юборилган аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда эътиборсизлик ва масъулиятсизлиги учун 22 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, 2020 йилда Бухоро вилояти, туман ва шаҳар Халқ қабулхоналари томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тизимли ўрганилган. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан 644 та кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома, камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан чоралар кўриш тўғрисида 49 та таклиф киритилди.

«Киритилган тақдимнома ва таклифларга асосан камчиликлар бартараф қилиниши билан бир қаторда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг 234 нафари огоҳлантирилди, 179 нафарига нисбатан огоҳлантириш ва 26 нафарига нисбатан ойлик иш ҳақининг 30 фоизигача жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди. 22 нафари эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди, 2 нафарига маъмурий жазо чоралари қўлланилди», — дейди Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Маъмур Раҳмонқулов.

Аввалроқ Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмахматов ишдан олиниб, Президентнинг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.