«SpaceХ» ва «Tesla» компанияларига эгалик қилувчи Илон Маскнинг бойлиги бир кунда 25 миллиард доллар ортди. Бу ҳақда «Bloomberg» агентлигига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, бойлиги айни пайтда 174 миллиард долларни ташкил этаётган Маск «Amazon» асосчиси Жефф Безосдан кейин миллиардерлар рўйхатида иккинчи ўринда бормоқда. Таъкидланишича, ўтган кун давомида Безоснинг бойлиги 5,95 миллиард долларга ортиб, 180 миллиард долларга етган.

Январь ойи бошида Маск дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида Безосни ортда қолдириб, биринчи ўринга чиққан, аммо февраль ойида компанияси акцияларининг пасайиши оқибатида яна иккинчи ўринга қайтганди.

«Forbes Real-Time» маълумотларига кўра, Маскнинг бойлиги электромобиллар ишлаб чиқарувчи «Tesla» компанияси акцияларининг 9 март, сешанба кунги савдолар пайтида ўсиши ҳисобига ошган. Акциялар нархи 19,64 фоизга кўтарилиб, ҳар бир акция учун 673,58 долларни ташкил этган.

Аввалроқ «Tesla» компанияси акциялари қиймати бирданига 3 бараварга пасайгани айтилганди. Шунингдек, Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рейтингида биринчи ўринни эгаллагани хабар қилинган.