Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов коронавирусдан соғайганлар ҳам вакцина қабул қилишиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «CNN»

Хабарга кўра, вируснинг ўзгарувчан экани, доимий равишда мутацияга учраши, CОVID-19 билан боғлиқ хавфларнинг юқорилиги ва коронавирус билан қайта касалланиш эҳтимолининг борлиги сабабли ушбу касаллик билан аввал касалланган бўлишидан қатъи назар, эмланиш тавсия этилади.

Шунингдек, коронавирусга қарши эмлаш ишлари кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктларида мобиль гуруҳлар томонидан амалга оширилиши маълум қилинган. Таъкидланишича, ҳудудий амбулатория-поликлиника хизмати томонидан фуқароларга эмланадиган куни, вақти ва жойи ҳақида, албатта, хабар берилади. Эмлаш ишларини эса махсус тайёргарликдан ўтган, алоҳида сертификатларга эга бўлган вакцинаторлар амалга оширади.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасининг рўйхатдан ўтказиш ишлари бошлангани ва Ўзбекистонда Хитой вакцинаси билан эмланганлар сони маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йил якунигача неча киши коронавирусга қарши эмланиши хабар қилинган.