Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина олган аҳолига эмланганлик тўғрисида сертификат берилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Фото: «un.org»

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда вакцинация жараёнлари учун 6 миллиард сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилган ва ҳозирда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

«Бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга шприц таъминоти, хавфсиз қутилар таъминоти ва бошқалар учун республикамизда 6 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ажратилган ва харидлар амалга ошириляпти. 10 мингдан ортиқ вакцинаторлар, патронаж ҳамширалари, 33 мингдан ортиқ шифокорлар вакцинацияга тайёргарлик кўришяпти.

Биринчи навбатда, эмланадиган аҳоли вакилларини электрон рўйхатга олиш ишлари олиб бориляпти. Янги emlash.uz деб номланган сайт яратилди. Вакцина олган фуқаролар бу сайтда рўйхатдан ўтказиб борилади. Уларга эмланганлик ҳақида тегишли сертификат ҳам берилади», — дейди мутахассис.

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини эмлаш учун 3 мингдан ортиқ пунктлар ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, коронавирусга қарши навбатсиз эмланиш истагини билдирган фуқаролар пулли эмланиши мумкинлиги маълум қилинган.