Қозоғистон ҳукумати 2021 йилнинг апрель ойидан коронавирусга қарши маҳаллий «QazCOVID-in» вакцинасини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ушбу препаратни яратган Республика биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институтига асосланиб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «The Astana Times»

Маълум қилинишича, айни пайтда вакцина 2021 йил июнь ойида тўлиқ якунланиши режалаштирилган клиник синовларнинг учинчи босқичидан ўтмоқда. Дастлабки икки клиник синовлар пайтида вакцина юқори даражадаги хавфсизлик ва иммуногенликни кўрсатган бўлиб, ундан тўғри фойдаланиш барча эмланган иштирокчиларда иммунитет ҳосил қилади.

«Вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни апрель ойида бошлаш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажми ва жойи Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатли органи томонидан белгиланади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тадқиқотнинг учинчи босқичи доирасида 2020 йилнинг декабри ҳамда 2021 йилнинг январида 3 минг кўнгилли эмланган бўлиб, уларнинг ҳеч бирида салбий реакциялар аниқланмаган.

«Вакцинанинг учинчи босқич клиник синовлари ва кўнгиллиларни танлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган протоколга мувофиқ амалга оширилган. Қабул қилинган қоидаларга кўра, кўнгиллилар мукофотланган. Эмлашдан сўнг жиддий ножўя таъсирлар кузатилмаган», дея қўшимча қилинган хабарда.

Аввалроқ Қозоғистон 1 февралдан «Спутник V» вакцинаси билан эмлашни бошлаши хабар қилинганди.