11:06 | 10.03.21 49

Сурхондарёда ЙПХ ходими оғир бемори бор тез ёрдам машинасини тўхтатгани айтилган хабарга изоҳ берилди — видео

Бунга ҳайдовчининг тўхташ тақиқланган жойда маълум муддат тўхтаб тургани сабаб бўлган

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида 10 март, чоршанба куни йўл-патруль хизмати ходими оғир бемори бор тез ёрдам машинасини тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Хабарга кўра, ушбу ҳолат 2019 йилда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида содир бўлган бўлган. «Damas» русумли автомобиль ҳайдовчиси 3.27 «тўхташ тақиқланган» белгисининг таъсир доирасида маълум муддат тўхтаб, сўнгра ҳаракатланган вақтда ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган ва йўл ҳаракати қоидаларининг 25-банди иккинчи хатбошиси (Бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлишлари учун бундай транспорт воситаларида кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт) ҳақида ҳайдовчига эслатилган. Текширув давомида ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатлари тўлиқ эмаслиги маълум бўлган.

Ижтимоий тармоқда ушбу тез тиббий ёрдам автомобилида оғир бемор борлиги айтилган. Аниқланишича, автомобилда бемор йўловчи бўлмаган. Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ҳам автомобилда бемор йўловчи бўлмагани ўз тасдиғини топган.

Аввалроқ Қашқадарёда ИИБ ходими 6 ёшли ўқувчини машинасида уриб юборгани айтилган хабарга изоҳ берилгани ва Тошкентда ИИБ ходими кийимини кийиб, машина капотида чой ичиб кетган йигитларнинг шахси аниқлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида тортишув содир бўлгани айтилган хабарга муносабат билдирилган.