Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари қўшма баёнот қабул қилиб, ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон–Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон–Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.

Фото: Президент матбуот хизмати

Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун йўл хариталари тузилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳамда божхона иши, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ўсимликлар карантини, таълим, фан ва маданият соҳалари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг тор доирадаги музокаралари якунлангани ва Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров музокараларни расмий делегациялар иштирокида давом эттиргани хабар қилинган эди.