Ўзбекистонда 3 мингдан зиёд кам таъминланган оиланинг уйи ҳашар йўли билан таъмирланади
Уйлар 13 март куни умумхалқ хайрия ҳашари доирасида таъмирланади
Ўзбекистонда 3 мингдан зиёд кам таъминланган оиланинг 30 минг квадрат метр уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди мутасаддилари маълум қилди.

Унга кўра, Наврўз байрами арафасида — 13 март куни «Обод ва кўркам маҳаллам» умумхалқ хайрия ҳашари доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамлари кўрсатилади. Хусусан, 3 мингдан зиёд кам таъминланган оиланинг 30 минг квадрат метрга яқин уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланади. Шунингдек, «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ногиронлар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳашар давомида 10 минг гектарга яқин ер майдонлари, 5 минг километрга яқин ариқ ва лоток тозаланиб, 9000 дан ортиқ қабристон ва 860 га яқин зиёратгоҳ ободонлаштирилади. Беш юз минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Шунингдек, маҳаллаларда гул кўчатларини ўтқазиш, дарахтларни оқлаш ва уларга шакл бериш ишлари олиб борилади.
Мавзуга доир: «Бошпанаси бўлмаган аёлларни ижара асосида уй-жойлар билан таъминлаш учун 211 млрд сўм йўналтирилади» — Президент
Аввалроқ Наврўз байрами арафасида умумхалқ ҳашари ўтказилиши ва Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларни аниқлаш бўйича янги қоидалар кучга кириши хабар қилинган эди.