Туркиянинг «İhlas» (Ihlos) халқаро янгиликлар агентлигида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда соҳанинг халқаро миқёсдаги даражасига бағишланган мақола эълон қилинди. Эътиборинингизга ушбу мақолани ҳавола этамиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2021 йилда Бутунжаҳон озиқ-овқат тизимлари саммитини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади ва бу борада бирдамлик концепциясини бутун дунёга намойиш этди.

Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга ва майдони жиҳатдан учинчи ўринда бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида қишлоқ хўжалигида юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан ажралиб туради. Шавкат Мирзиёев билан қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш даври бошланган Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

COVID-19 пандемияси дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг озиқ-овқат масалаларига таҳдид солмоқда. Бу яқин йилларда озиқ-овқат инқирозини янада кучайтириши мумкин. Глобал турғунликни келтириб чиқарган COVID-19’нинг таъсири 2020 ва 2021 йилларда очлик ва тўйиб овқатланмаслик ҳолатини янада ёмонлаштириши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Жаҳон савдо ташкилоти қўшма баёнотида эпидемияга қарши қўйиладиган чоралар глобал савдо ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирган.

Пандемия бошланишидан олдин дунё бўйлаб 820 миллиондан ортиқ киши озиқ-овқат маҳсулотларида сурункали етишмовликдан азият чеккан. Сўнгги маълумотларга кўра, 2020 йилда 135 миллион кишининг озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозига учраган. Пандемия таъсири остида бу рақам 2020 йил охирига келиб, деярли икки бараварга ошди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги унсурлари

Озиқ-овқат сиёсати нафақат ишлаб чиқариш, ташқи савдо, сақлаш ва қайта ишлашни такомиллаштириш бўйича тизимли ва самарали ечим, балки асосий озиқ-овқат маҳсулотларини адолатли тақсимлаш ва қишлоқ жойларини ижтимоий ривожлантириш учун мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуи ҳамдир.

Озиқ-овқат хавфсизлиги давлатнинг қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлиб, қуйидаги унсурларни ўз ичига олади:

  • хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдорий жиҳатдан етарли имкониятлари;
  • аҳолининг барча ижтимоий гуруҳлари учун етарли миқдори ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг иқтисодий мавжудлиги;
  • миллий озиқ-овқат тизимининг автономияси ва иқтисодий эркинлиги (озиқ-овқат мустақиллиги);
  • ишончлилик, яъни миллий озиқ-овқат тизимининг мавсумий, об-ҳаво шароити ва бошқа ўзгаришларнинг мамлакатнинг барча ҳудудларидаги аҳолининг озиқ-овқат таъминотига таъсирини минималлаштириш қобилияти;
  • барқарорлик, яъни кенгайтирилган қайта ишлаб чиқариш режимида ривожланаётган миллий озиқ-овқат тизими.

Жаҳон иқтисодиётидаги катта қисқариш

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил иккинчи ярмида 305 миллион доимий ишчи ишсиз қолган (2019 йил охирига нисбатан 10,5 фоиз кам). Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 40–60 миллион кишининг кунлик 1,90 доллардан паст даромад билан ўта қашшоқлик даражасига ва  90–100 миллион киши 3,20 АҚШ доллар даромад билан қашшоқлик чизиғига тушишини таҳмин қилган. UNU-WIDER’нинг бошқа маълумотларига кўра, бу рақамлар анча юқори бўлиб, COVID-19 туфайли дунё бўйлаб ярим миллиард одам қашшоқликда қолиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

Эпидемия натижасида тахминан 2020 йилда 49 миллион одам ўта қашшоқлик даражасига тушган бўлиши мумкин. Таъминот занжирининг узилиши билан даромадларнинг пасайиши яқин бир неча ой ичида озиқ-овқат этишмовчилиги ёки жиддий овқатланиш муаммолари бўлган одамлар сонининг тез ўсишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолатларнинг барчаси дунё жамиятларида ташвиш уйғотмоқда. Аммо, 2007–2008 йиллардаги озиқ-овқат инқирозидан фарқли ўлароқ, бизнинг муаммомиз озиқ-овқат танқислигида эмас, балки унинг юзага келганидадир.

Эпидемия туфайли глобал иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви ҳам талаб, ҳам таклиф жиҳатидан мамлакатларнинг озиқ-овқат тизимларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Таъминот томонида ишлаб чиқариш ва савдонинг пасайиши хавфи, шунингдек, анъанавий ишлаб чиқариш-сотиш занжирида узилишш хавфи ортди.

Кенг тарқалган коронавирус эпидемиясини назорат қилиш чоралари озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишнинг глобал тармоқларига таъсир кўрсатди. Хусусан, дунёнинг айрим қисмларида чегараларни кесиб ўтишда чекловлар ва изоляция режимларини амалга ошириш, ўрим-йиғим жараёнида муаммоларни келтириб чиқарди, миллионлаб мавсумий ишчиларни тирикчиликдан маҳрум қилди. Маҳаллий бозорларга озиқ-овқат етказиб беришда тўсиқлар юзага келди. Гўштни қайта ишлаш корхоналари ва озиқ-овқат бозорлари кўплаб жойларда ишчилар орасида COVID-19 касаллиги кўпайганлиги сабабли ёпилиши керак эди. Таъминот занжиридаги узилиш ва истеъмолчилар талабининг пасайишига жавобан деҳқонлар тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб юборишлари ёки кўмишлари ва сут маҳсулотларини тўкишига тўғри келди. Натижада дунёнинг баъзи қисмларидаги шаҳар марказларида кўплаб одамлар янги мева ва сабзавотлар, сут маҳсулотлари, гўшт ва балиқдан фойдаланиш имкониятларини чеклади.

Асосий дон экинларининг жаҳон бозоридаги мавқейи ҳозирча барқарор кўринмоқда. 2019 йилда юқори ҳосил туфайли асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг аксарияти сезиларли даражада захирага эга. Аммо дунё аҳолисининг катта қисми озиқ-овқат маҳсулотларинининг таъминоти хавфи катта бўлган маҳаллий бозорлардан етказиб беради. Бироқ кўп одамлар учун ишсизликнинг ўсиши ва озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши муносабати билан даромад йўқотилиши туфайли озиқ-овқат таъминоти камаймоқда.

Озиқ-овқат бозорларини барқарорлаштириш қийин кечмоқда, чунки айрим мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлиги мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини чеклашни бошлади. Масалан, Вьетнам гуруч, Қозоғистон буғдой уни, гречиха, пиёз, сабзи ва сабзавотлар, шу жумладан, картошка, Беларусь гречиха, пиёз ва саримсоқ, Туркия эса лимон экспортини тўхтатди. Бундан ташқари, Хитой озиқ-овқат захираларини яратиш учун баъзи маҳсулотларнинг нархларини оширди. Асосий харидорларнинг талабига қарамай, Россия буғдой сотилишини чеклади. Натижада, кам даромадли мамлакатларда ва озиқ-овқат импортига боғлиқ бўлган кўплаб ўрта даромадли ривожланаётган мамлакатларда аҳолининг камбағал қатлами энг заиф қатлам бўлиб қолди.

Бундан ташқари, энг йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари бўлган АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Россия Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) томонидан озиқ-овқат таъминоти занжирларини очиқ сақлаш, озиқ-овқат савдосидаги маъносиз чекловларни бекор қилиш, мутаносиблик ва вақт чегараларини йўқ қилиш учун тайёрланмоқда. Ҳар қандай фавқулодда чекловларни амалга ошириш, улар муддатларга риоя қилишни талаб қиладиган ташаббусда иштирок этишдан бош тортди.

Ушбу ҳаракатларнинг барчаси кўплаб мамлакатларни ўзларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жуда заиф ҳолга келтирди. Самарасиз сиёсий қарорлар, масалан, айрим мамлакатлар томонидан экспорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини экспортини чеклаши озиқ-овқат инқирози ва улкан гуманитар фалокатга олиб келиши мумкин. Бу бутун дунёда озиқ-овқат тизимлари тўғри ишламаётганлигини ва COVID-19 эпидемияси вазиятни янада оғирлаштираётганлигини кўрсатади.

Пандемия таъсири 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун етарли озиқланиш имкониятларини таҳдид қилмоқда, деб айтишимиз мумкин. 2020 йилги ҳисобот шуни кўрсатадики, дунё 2030 йилгача ноль очликка эришиш бўйича барқарор ривожланиш мақсадларидан орқада қолмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, 2020 йилда COVID-19 эпидемияси дунёдаги тўйиб овқатланмайдиган қатлам умумий сонига яна 83–132 миллион киши қўшилиши мумкин. 2021 йилда кутилаётган иқтисодий тикланиш тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётганлар сонининг камайишига олиб келиши мумкин, аммо пандемиядан ҳоли сценарий ҳали ҳам прогноз даражасида эмас.

Жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш саммити

Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муаммолар тобора ортиб бораётган бир пайтда, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан 2021 йилда Озиқ-овқат тизимлари саммити йиғилиши тўғрисида эълон қилиниши муҳим аҳамиятга эга.

COVID-19 эпидемияси натижасида пайдо бўлган озиқ-овқат инқирози таҳдиди билан боғлиқ нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш замонавий дунёдаги озиқ-овқат тизимини одамлар, табиат, иқлим ва атроф-муҳитда қайта қуриш зарурлигини таъкидлади. Пандемия мавжуд озиқ-овқат тизимидаги хавфли носозликларни фош қилди ва бутун дунё бўйлаб одамларнинг, айниқса, энг заиф қатлам ҳаётига хавф солди. Дунё миқёсида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича рекорд даражага қарамай, 820 миллион киши очликдан азият чекмоқда ва қарийб 2 миллиард киши ортиқча вазн билан курашмоқда. Шу билан бирга, дунёда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тахминан учдан бир қисми бузилади ёки ташлаб юборилади. Шу боис озиқ-овқат маҳсулотларининг чидамлилиги ва хавфсизлиги чегараларини ошириш учун фақат озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш ва қайта қуриш дунё аҳволини яхшилаши мумкин.

Буларнинг барчаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги халқаро келишилган саъй-ҳаракатларнинг ривожланишига олиб келади. Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2021 йилдаги Озиқ-овқат тизимлари саммитининг йиғилиши бўйича таклифлари, бу баъзи мамлакатларда ҳам, бутун дунёда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизмларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга имкон беради. Ушбу воқеа 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда бурилиш нуқтасини ҳосил қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти одамларнинг долзарб эҳтиёжларини қондириш ва озиқ-овқат тизимларини қайта қуриш бўйича бир-бирини тўлдирувчи учта устувор ҳаракат режаларини таклиф қилмоқда. Биринчидан, одамларга ёрдам бериш ва уларнинг ресурсларини тежашга қаратилган ҳаракатларни сафарбар қилиш зарур, чунки улар энг катта хавф-хатарга эътибор қаратиш орқали ҳаётларини таъминлашлари мумкин.

Иккинчидан, овқатланиш соҳасида ижтимоий таъминот тизимини кучайтириш. Пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий хавфсизлик тизимлари COVID-19 пандемия инқирози пайтида ва ундан кейин ҳам юз миллионлаб одамлар учун асосий таянч бўлади.

Учинчидан, COVID-19 пандемиясига қарши янада инклюзив ва барқарор дунёни барпо этишда узоқ муддатли мақсадларини ҳисобга олган ҳолда тегишли тадбирларга ва кейинги тикланиш жараёнига сармоя киритиш йўли билан ҳал қилиниши керак.

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти

Ривожланган ва юқори самарадор қишлоқ хўжалиги ҳар қандай давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий жиҳатларидан бири бу қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва интенсив ривожлантиришдир. Тўққизта стратегик устувор йўналишни ўз ичига олган бўлиб, биринчиси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлган «Ўзбекистоннинг 2020–2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси» Президентнинг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан тасдиқланган.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг стратегик хусусияти туфайли Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сезиларли ютуқларга эришди. Давлат раҳбари томонидан берилган аҳамият туфайли сўнгги уч йилни қишлоқ хўжалигида бозор механизмлари, илғор технологияларни қўллаш ва кластерли ишлаб чиқариш тизимига ўтишни ўз ичига олган қишлоқ хўжалиги саноатида кенг ислоҳотлар даври деб аташ мумкин. Экин майдонларини кенгайтириш, ҳудудларни мева-сабзавот этиштиришга ихтисослаштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни мева-сабзавот кластерлари ва кооперативлари билан бирлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли озиқ-овқат ишлаб чиқариш салоҳияти сезиларли даражада ошди. Қишлоқ хўжалигининг ўзига хос оғирлигини босқичма-босқич қисқартириш 2017–2019 йилларда ЯИМдаги саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланиш салоҳиятини янада кенгайтириш натижасида давом этди (2017 йилдаги 34 фоиздан 2019 йилда 28,1 фоизгача). Шу билан бирга, ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги улушининг пасайиши, таркибий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва интенсив ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш орқали эришилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача йиллик ўсиш суръати асосида амалга оширилди. Бошқача қилиб айтганда, 2019 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўсиш суръати 2018 йилга нисбатан 102,5 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, 2017–2019 йилларда қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 1,5 бараварга ва аҳоли жон бошига 1,4 бараварга (2019 йил нархларида) ошди. Шу билан бирга, ўсимликларни этиштириш 1,3 баравар, чорвачилик маҳсулотлари 1,7 баравар ўсди.

Ўзбекистонда 2019 йилда ташқи озиқ-овқат савдоси ҳажми 2,8 миллиард доллар ёки 3,6 миллион тоннани ташкил этди. Уларнинг қарийб 46 фоизи экспортга, 54 фоизи эса импортга тегишли. Ўзбекистоннинг импорт таркибида 2019 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий импортининг 70 фоизи ун (453 минг тонна), картошка (282 минг тонна), кунгабоқар ёғи (192 минг тонна), шакар (167 минг тонна) ва пальма ёғи (70 минг тонна); мева-сабзавот маҳсулотлари (1,4 миллион тонна ёки умумий экспортнинг 75 фоиз) экспорт таркибида устунлик қилди. Бошқача айтганда, 823 минг тонна сабзавот ва 613 минг тонна мева экспорт қилинган. Натижада валюта даромади 1,3 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори экспорт салоҳияти, пандемия билан боғлиқ бўлган карантин чекловлари қатъий бўлган тақдирда ҳам, ўз экспортини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йил январь-август ойларида Россия Федерацияси бозорига ўзбек сабзавотлари ва меваларини этказиб бериш 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 57,7 фоизга ошган ва мева-сабзавот экспорти 169,1 миллион доллар билан рекорд даражага етди. Шуни таъкидлаш керакки, тўғридан-тўғри этказиб бериш кўрсаткичи ошган. Бундан аввал Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сабзавот ва меваларнинг бир қисми Россия бозорига учинчи мамлакатлар маҳсулотлари номи билан бошқа мамлакатлардан транзит сифатида кириб келган ва Россия импорт статистикасида ўз аксини топмаган (масалан, олча импорти). Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатлари (47,1 фоиз) ва Жоржия (19,2 фоиз) каби мамлакатларга мева-сабзавот экспорти сезиларли даражада ўсган.

Ўзбекистон Россиядан карам импорти бўйича 2020 йил январь-март ойларини қамраб олган даврда Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Туркиядан лимон импортида Марокаш ва Мисрдан кейин тўртинчи ўринни эгаллади. Янги гулкарам ва брокколи экспорти 2-3 баравар ошди, Россия бозорига ўзбек олхўри экспорти ўсди. Ўзбек қуритилган ўрикларини экспорт қилишда 5 баравар кўпайди. Бу Европа Иттифоқи экспортчилари орқали Ўзбекистон, Тожикистон, Арманистон ва Хитой бўлиб, ушбу қуритилган меваларни Туркияга Россиядан кейин экспорт қилувчилар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллашга имкон берди. Россияга Ўзбекистоннинг музлатилган мевалари экспорти 3 баравар, янги сабзи экспорти эса 3,5 баравар ошди.

Ўзбекистоннинг озиқ-овқат сиёсати

Ўзбекистондаги давлат озиқ-овқат сиёсати асосан аҳолининг даромад даражасини ҳисобга олиниб, ишлаб чиқариши орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Мамлакатнинг ички ишлаб чиқариши аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотлари, сабзавот, мева ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиради. Ички ишлаб чиқариш шакар, ўсимлик мойи, дон ва картошкада етарли эмаслиги кузатилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон озиқ-овқат савдосини чекламаган кам сонли давлатлардан биридир. Қолаверса, пандемия даврида мамлакат нафақат аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлишидаги муаммоларнинг олдини олишда, балки жаҳон озиқ-овқат бозорларида юқори экспорт салоҳиятини муваффақиятли сафарбар этди. Бундан ташқари, карантин чекловлари даврида аҳолини тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш чоралари иқтисодиётнинг пасайишини юмшатди ва шунингдек, Ўзбекистон учун озиқ-овқат маҳсулотларининг иқтисодий имкониятларининг ошишига олиб келди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тармоқларида ишлаб чиқариш ва унумдорликни ошириш билан бир қаторда қўшимча чоралар кўрилмоқда. Озиқ-овқат саноатини бошқариш тизимини такомиллаштириш, хусусан, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича чоралар кўрилмоқда, масалан, ички ва ташқи бозорларда юқори даражадаги хавфсизликка эга бўлган рақобатбардош давлатнинг қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш. Ушбу тадбирларга қуйидагилар киради:

  • мева, сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари асосида қайта ишлашни кўпайтириш;
  • мева, сабзавот, гўшт, сут маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ушбу маҳсулотларни қайта ишлайдиган, ишлаб чиқарадиган ва сотадиган компаниялар билан ўзаро манфаатли алоқалари учун шарт-шароитлар яратиш;
  • мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ҳамда экспорт қилувчиларни керакли миқдордаги сифатли хомашё билан узлуксиз таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
  • «даладан дастурхонга» тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ равишда ошириш, ушбу стандартларга мос озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар фаолияти соҳасини кенгайтириш, йўналтирилган маҳсулотлар экспортни сертификатлаштиришни тезлаштириш;
  • замонавий савдо-логистика марказларини ташкил этиш, жаҳон бозорларида маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг миллий брендини яратиш ҳамда рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш;
  • мева-сабзавот, гўшт, сут, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва қайта ишлаш корхоналари учун маҳаллий ва халқаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этиш, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда иштирокини янада ошириш ва дунё эътиборини бунга жалб қилиш;
  • мева-сабзавот, гўшт, сут, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирадиган ва қайта ишлайдиган корхоналар учун «Қишлоқ хўжалиги инновацион тизимлари» (АИС) асосида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чоралар кўриш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда хорижий мутахассисларнинг кенг иштирокини таъминлаш.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид туғилганда озиқ-овқат захираларини яратиш бўйича қадамлар қўйилди. Буларнинг барчаси сўнгги йилларда олиб борилган мунтазам ва изчил ишлар ҳамда карантин чекловлари пайтида фавқулодда чоралар туфайли амалга оширилди.

Ташқи таъсир ва зарбаларга чидамли, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни ҳам, тижорат шерикларининг ташқи талабларини ҳам қондирадиган барқарор озиқ-овқат тизими шакллана бошлади.

Ўзбекистонда олиб борилаётган озиқ-овқат сиёсати муваффақиятининг далилларидан бири бу дунё давлатларининг озиқ-овқат хавфсизлиги даражасида Ўзбекистоннинг мавқеининг яхшиланиши. Шундай қилиб, Халқаро Озиқ-овқат индекси маълумотлари ҳамда «The Economist Intellegence Unit» таҳлил агентлигига кўра, Ўзбекистон 2018 йил (80-ўрин)га нисбатан 2019 йилда 9 поғонага кўтарилиб, дунёда 71-ўринни эгаллади. Таъкидлаш жоизки, ушбу чора-тадбирларнинг барчаси Ўзбекистонга 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида миллий мақсад ва вазифаларига эришишга имкон беради. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигининг иккинчи мақсадини мустаҳкамлаш, овқатланишни яхшилаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш.

Шундай қилиб, Ўзбекистон тўйиб овқатланмаслик даражасининг пасайишига кўра, Марказий Осиёдаги энг яхши давлатлардан бири ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган FAO 2020 ҳисоботига кўра, 2004–2006 йилларда Ўзбекистонда тўйиб овқатланмасликнинг тарқалиши 14,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2017-2019 йилларда бу кўрсаткич 2,6 фоизгача пасайган. Таққослаш учун – Қозоғистонда кам овқатланиш 2,5 фоиздан кам, Қирғизистонда 6,4 фоиз ва Туркманистонда 4 фоиз.

Ўзбекистонда 5 ёшгача бўлган болаларда тўйиб овқатланмаслик даражаси атиги 1,8 фоизни ташкил этиши ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич эканлиги диққатга сазовордир (2019 йил маълумоти). Таққослаш учун – Қозоғистонда 5 ёшгача бўлган болаларнинг тўйиб овқатланмаслик даражаси 3,1 фоиз, Қирғизистонда 2,0 фоиз, Тожикистонда 5.6 фоиз ва Туркманистонда 4.2 фоиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда болаларнинг кечиктирилган ўсиши тарқалишини камайтириш бўйича сезиларли ютуқларга эришилди. 5 ёшгача бўлган болаларнинг ўсиш кечикиши даражаси Ўзбекистонда 2012 йилда 19,6 фоиз бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 10,8 фоиз га камайди. Таққослаш учун – Қозоғистонда бу кўрсаткич 8,0 фоиз, Қирғизистон 11,8 фоиз, Тожикистон 1/7,5 фоиз ва Туркманистон 11,5 фоиз.

Озиқ-овқат тизимлари саммитидан кутишлар

Пандемия оқибатида Жаҳон озиқ-овқат тизимидаги узилишлар ва озиқ-овқат инқирозининг кўпайиши дунёдаги барча мамлакатларнинг ҳукуматларини соҳа тизимини ўзгартириш зарурлигига қарши қўйди ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро миқёсда тан олинган янги ҳаракатларни ривожлантиришни талаб қилади.

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар пандемия пайтида ва ундан кейин миллий иқтисодиётни барқарорлаштириш бўйича инқирозга қарши чоралар дастурининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу билан бирга, глобал озиқ-овқат инқирози юзага келиши мумкин бўлган шароитда чиқиндиларни йўқ қилишда ишлатиладиган усулларни, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш ва истеъмол қилишни тезда қайта кўриб чиқиш жуда муҳимдир. Бу Ўзбекистонни озиқ-овқат тизимларини янада инклюзив, барқарорлаштириш ва ўзгартириш учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг 2021 йилги озиқ-овқат тизимлари саммитидаги иштироки аҳолининг тез ва қисқа муддатли эҳтиёжларини қондиришга қаратилган қатор устувор чора-тадбирлар доирасида миллий озиқ-овқат тизимини ривожлантиришни давом эттиришга имкон беради. Oзиқ-овқат тизимлари саммитида иштирок этиш Ўзбекистон учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этади.

Биринчиси, озиқ-овқат тизимини қайта қуриш бўйича қўшма тадбирларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий, глобал миқёсда озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этишда ўз ҳиссасини қўшиш имкониятидир.

Ушбу саммитда иштирок этиш дунё ҳамжамиятини мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган сиёсат тўғрисида хабардор қилиш ва қишлоқ хўжалиги саноатини муваффақиятли ислоҳ қилиш бўйича тажриба ва ютуқларни алмашиш демакдир.

Қолаверса, бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун давлатлар ҳамкорлиги ва ташаббусларини янада кучайтиришга йўл очади. Амалга ошириладиган қўшма ишлар минтақадаги мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиради, хабардорликни оширади ва барқарор озиқ-овқат тизимларига эришиш бўйича кенг мажбуриятлар ва аниқ ҳаракатлар келишилганини ифода этади.

Обид Ҳакимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори