YouTube хизматига эгалик қилувчи Американинг «Google» компанияси ёзда реклама орқали пул топадиган АҚШдан ташқаридаги видеоблогерлардан даромад солиғи ушлаб қолишни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Google веб-сайтига жойлаштирилган эълонга асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, солиқ блогер томонидан эълон қилинган видеонинг Қўшма Штатларда қайд этилган кўришлар сонидан тушадиган даромадга солинади. Агар блогер зарур маълумотларни вақтида тақдим этса, солиқ ставкаси мамлакатда амал қилувчи қонунга биноан даромаднинг нолдан 30 фоизигачани ташкил этади.

«Google’нинг АҚШда бўлмаган блогерлар учун солинадиган солиғи 2021 йил июндан бошлаб кучга киради. Видеоблогеолардан ‘AdSense’га тегишли солиқ маълумотларини 2021 йил 31 майга қадар тақдим этишини сўраймиз. Шунда Google ушбу маълумотни таҳлил қилиб, агар мавжуд бўлса, чегирмалар жорий этади. Агар солиқ маълумоти 2021 йил 31 майигача тақдим этилмаса, Google YouTube’дан тушадиган барча даромаднинг 24 фоизини талаб қилади», дея қайд этилган хабарда.

Аввалроқ Google асосчисининг ҳарбийлардан иборат махфий бўлинмаси мавжудлиги маълум бўлгани айтилганди. Шунингдек, Google’га эгалик қилувчи компаниянинг умумий қиймати 1 триллион долларга етгани хабар қилинган.