Австралиянинг «Qantas» авиакомпанияси йўловчиларнинг саломатлигини текширишга мўлжалланган дастур — «CommonPass digital health»ни синовдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда авиакомпаниянинг 12 март, жума куни эълон қилинган баёнотига асосланиб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Global Look Press»

Маълум қилинишича, смартфонлар учун мўлжалланган «CommonPass digital health» иловаси коронавирусга топширилган тест натижаларини текширишнинг қулай ва хавфсиз усулини тақдим этиб, эмланганлик тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Шунингдек, илова фойдаланувчиларга учиш олдидан синов натижаларини сертификатланган лабораториялардан юклаб олиш имконини беради.

Хабарларга кўра, компания «CommonPass digital health»ни ўзининг мавжуд мижозлар дастурига қўшиб, уни барча йўловчиларга тақдим этишни режалаштирмоқда.

«Биз ушбу жараённи мижозларимиз учун иложи борича содда ва қулай қилишни режалаштиряпмиз, шунда улар барча керакли маълумотларни битта дастурдан олиши ва дунё бўйлаб бемалол юриши мумкин», — дея қайд этган авиакомпаниянинг мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Стефани Тулли.

Аввалроқ Хитойда халқаро саёҳатлар учун «корона-паспортлар» жорий этилгани хабар қилинганди.