Бухоро Давлат университети ўқитувчисига талабаларнинг 8 март совғаси ёқмагани ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» мухбири ҳолат бўйича университет матбуот хизмати билан боғланди.

Фото: Бухоро Давлат университети матбуот хизмати

Хабарларда талабалар 8 март куни гуруҳ раҳбарига гуллар ва 200 минг сўм пул совға қилгани, лекин курс раҳбарига бу совғалар ёқмагани ҳақида айтилган. Курс раҳбари, шунингдек, талабаларга «Арзимас совғага хурсанд бўлиб кетаверадиган қишлоқиманми?» — дея жавоб қайтаргани таъкидланган. Бундан ташқари, унинг талаба билан ёзишмаси ҳам ижтимоий тармоқда тарқатилган:

«Эртага кафедрага келиб, 200 минг пулингни олиб кет. Мен арзимаган нарса деб, обрўйимни тўкмайман. Устимдан кулибсизлар. Агар букетни 100 мингга олган бўлсанглар, ҳаммаси бўлиб 300 минг сўм йиғибсизлар. 300 ни 23 нафар талабага бўлсак, ҳар бир талабага 13 мингдан тўғри келяпти. Нима, мен дуч келган нарсага хурсанд бўлиб кетаверадиган қишлоқиманми? Ҳозироқ манзилингни бер, мен совғаларни шахсан ўзим олиб бориб бераман. Ёки карта номерини ёз. Мен пул ўтказиб юбораман. Энди ҳаммаси бошқача бўлади», дейилади ёзишмада.

Фото: Telegram/ @trolluz

Университет матбуот котиби Отабек Жалоловнинг «Bugun.uz» мухбирига маълум қилишича, ўша куннинг ўзида университет ректорининг буйруғи қабул қилиниб, ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан бугунги кунда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, талабалар ўртасида сўровномалар олиниб, факультетда бу йўналишда амалга оширилган чоралар чуқур таҳлил қилинмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича ўқитувчи ва масъул бўлган ходимларнинг хатти-ҳаракатига, албатта, қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши айтиб ўтилган.