«Mercedes-Benz» Хитой бозоридан 2,6 миллион автомобилни қайтариб олишга қарор қилди. Қарор ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилиб, импорт қилинган автомобилларга ҳам, моделларга ҳам тегишли бўлади. Бу ҳақда «Bloomberg» Хитойнинг бозорни тартибга солиш ва назорат қилиш бошқармасига асосланиб хабар берди.

Фото: «Telecom Daily»

Бошқарма маълумотларига кўра, автомобилларни қайтариб олишга улардаги дастурий таъминот — фавқулодда хизматларни чақириш тизимида қайд этилган муаммо сабаб бўлган.

Аниқлик киритилишича, носозлик туфайли тизим автоҳалокат содир бўлганидан кейин фавқулодда хизматларга нотўғри маълумотлар юборган ва оқибатда қутқарувчилар нотўғри манзилларга борган. Ҳозирча «Mercedes-Benz»нинг айнан қайси моделлари қайтариб олиниши очиқланмаган. Аммо қайтариб олиш кампанияси бир неча босқичда бўлиб ўтиши ва 2016 йил январидан 2020 йил ноябригача ишлаб чиқарилган автомобилларга таъсир қилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Mercedes 1,3 миллиондан кўпроқ машинасини қайтариб олиши маълум қилинганди. Шунингдек, компанияга Жанубий Кореяда рекорд қийматда жарима солингани ҳақида хабар берилганди.