Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти спорт залида 13 март куни бўлиб ўтган футзал бўйича чемпионатда Вестминистер университети талабалари билан оммавий муштлашув содир бўлди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, муштлашув Сингапур ва Вестминистер олийгоҳлари талабалари ўртасида келиб чиққан. Видеода «қизил» ва «кўк»лар ўзаро муштлашганини кўриш мумкин. Томошабинлар ҳам зал тўсиқларидан ўтиб, тўполонга қўшилган.

Ўйин олдидан эълон қилинган постга кўра, бир кун давомида яна 4 та матч ўтказилиши керак бўлган. Аммо қолган университетлар талабалари муштлашувга аралашгани ва ўйинларни ўтказгани ҳақида маълумот мавжуд эмас.

«Bugun.uz» ҳолат юзасидан маълумот олиш учун ҳар икки университет ахборот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди. Вестминистер университети қабулхонаси душанбадан жумагача ишлаши автоматик тарзда маълум қилинди. Сингапур менежментни ривожлантириш институти эса электрон почтага расмий мурожаат билан чиқилса, муносабат тақдим этишини маълум қилди.

Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди. Қайд этилишича, ушбу факт бўйича «102»га ҳам, Чилонзор туман ички ишлар бўлимига ҳам ҳеч қандай ариза келиб тушмаган. Шунга қарамай, воқеа Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олинган, иштирокчилар аниқланиб, воқеа сабабларига аниқлик киритиш бошланган.

Аввалроқ Наманганда оммавий муштлашувда бир киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда маст эркак шериклари билан ресторанда қўшиқчини дўппослагани ҳақида хабар берилган.