Яқин кунларда 1000 сўмлик купюралар муомаладан чиқариладими? Мутахассис жавоб берди
1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган
Ўзбекистонда 1000 сўмлик қоғоз пуллар эскириб кетгани, бу пулларни топиш эса муаммо бўлаётгани, шу сабабли пулларни янгилаб борилиши тартиби мавжудлиги ва яқин муддатда 1000 сўмликни муомаладан чиқарилиши ёки чиқарилмаслиги борасидаги саволларга Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров жавоб берди.

Департамент директорининг сўзларига кўра, 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлгани сабабли хақиқатда уриниб қолганини кузатиш мумкин.
«Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлгани сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда банкларга келиб тушмасдан, аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин. Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда», — дейди Фазлиддин Бозоров.
Шунингдек, у бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётгани ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётгани ҳақиқатлигини таъкидлаган. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боришини қайд этиб ўтган.
«‘Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?’ деган савол туғилиши табиий. Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чеклангани сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади. Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ», — деган Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров.
Таъкидланишича, Марказий банк доимий тарзда муомаладаги нақд пулларнинг қаторини оптималлаштириш, эскирганларини муомаладан қайтариб олиш ва уларнинг ўрнига янги банкнот ва тангаларни муомалага киритиб бориш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган.
Аввалроқ Тошкентда тўйида сочилган қалбаки пулни бозорда ишлатган куёвга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.