Британиялик астрофизик Мартин Риз Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳукуматлар саммитидаги нутқи давомида 2050 йилгача Марсга миллион одам юборишни режалаштирган «SpaceX» асосчиси Илон Маскни танқид қилди. Бу ҳақда «Sky News»га таяниб «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Jeffsoofizada»

Олимнинг сўзларига кўра, Маскнинг ушбу ғояси хавфли бўлиши мумкин. Чунки Марсда яшаш Жанубий қутбда ёки Эверест чўққисида яшашдан яхшироқ эмас.

Унинг суҳбатдоши америкалик астрофизик Нил Деграсс Тайсоннинг таъкидлашича, Марсда фаровон ҳаёт кечириш учун одамлар уни Ерга айлантириши керак. Бундан ҳам олдин айтиш жоизки, Ердаги юзага келиши мумкин бўлган фалокатдан қутилиш учун бошқа сайёрага кўчиб ўтиш тобора ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳолатга айланмоқда.

Олимнинг айтишича, ҳозирги шароитда инсоният учун Марсда мақбул шароит яратишдан кўра, фалокатнинг олдини олиш осонроқ.

Маълумот ўрнида, Маск 2050 йилга қадар Марсга миллион кишини юборишини, шунингдек, «SpaceX»нинг сунъий йўлдошлар, экипажлар ва юкларни сайёрага етказиб беришга имкон берадиган транспорт тизимини ишлаб чиқишини айтган.

Аввалроқ Илон Маскнинг «Tesla» заводида ёнғин содир бўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, «Neuralink» компанияси одамларда чиплаштириш синовларини бошлаши ҳақида хабар берилганди.