Ўзбекистон Қирғизистон Мудофаа вазирлигига битта вертолёт совға қилади. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси президенти матбуот котиби Галина Байтерек Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳисоботларида келтириб ўтган, деб хабар бермоқда «Sputnik».

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

«Мудофаа вазирлиги орқали ўзбек томони Қирғизистонга битта вертолётни бепул беради ва яна биттасини тиклаб беришга тайёр. Лекин айнан қайси вертолёт экани аниқ эмас», — дейди Байтерек. Шунингдек, матбуот котиби ҳарбий йўналишда ходимлар тайёрлаш масаласи, хусусан, қурол-яроғ йўналиши, учувчилар ва алоқачилар тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилаётганини таъкидлаган.

Мавзуга доир: Қирғизистон халқига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тез тиббий ёрдам машиналари совға қилинди

Аввалроқ Қирғизистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Кўксаройда Садир Жапаров билан музокараларни бошлаган.

Улар ўртасида эса кўп қиррали Ўзбекистон–Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланган. Шунингдек, Ўзбекистон Ункар-Тоони беришга, Қирғизистон эса Сўх йўлини очишга келишиб олгани маълум қилинган.