Ўзбекистонда имконияти чекланган хотин-қизлар учун давлат мукофоти жорий этилади
Тошкентда 15 март куни Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилишида Ўзбекистонда ногиронлиги бор аёллар учун давлат мукофоти бериш тартиби жорий қилиниши маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилишини Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борган. Унда сенаторлар, кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Таъкидланишича, мажлисда Сенат раиси Ўзбекистонда имконияти чекланган хотин-қизлар учун давлат мукофоти бериш тартиби жорий қилинишини маълум қилган. Танзила Норбоева бу мукофот имконияти чекланган аёл ва қизларга бериладиган руҳий мадад эканини, жамиятда аёллар фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалиёти маҳсули бўлиши кераклигини таъкидлаган.


Шунингдек, у ўтказилган йиғилишда сенаторларга мукофот номи қандай бўлиши кераклиги ҳақида таклиф киритишларини айтиб ўтган. Хусусан, бир нечта вариантлар орасидан энг мақбули давлат раҳбарига тақдим қилинишини таъкидлаган.
Мавзуга доир: «Mуҳтож оилаларга уй олиш учун 10 фоиз субсидия берилади» — Шавкат Мирзиёев
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ўтказган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар муаммолари «хонадонбай» аниқланиши юзасидан топшириқ бергани ҳақида хабар берилганди.
