Жиззахда танишини ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган 2 эркак ушланди — видео
Айбланувчилар ҳам, марҳум ҳам муқаддам бир неча маротаба судланган
Жиззах вилояти Пахтакор туманида танишини дўппослаб ўлдириб, жиноятни яшириш мақсадида мурдасини ёқиб юборган 2 эркак ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, воқеа содир бўлишидан бир неча соат аввал 3 нафар эркак савдо дўконларига кирган, бу эса видеокамера тасвирига тушиб қолган. Шу орқали ички ишлар ходимлари жиноятда гумонланувчиларни аниқлаган. Маълум бўлишича, муқаддам судланган 3 нафар шахс овқатланиш шохобчасида ичкиликбозлик қилади. Шу вақтда келишмовчилик юзага келган. Улардан икки нафари шеригини кимсасиз жойга олиб бориб, дўппослаб ўлдирган ва жиноятни яшириш мақсадида мурданинг танасини ёқиб юборган.
Аниқланишича, марҳум Пахтакор туманидаги Пахтакор қишлоғида яшовчи (1965 йил туғилган, муақаддам 1 неча марта судланган) фуқаро бўлган. Ўтказилган суд экспертизаси унинг ўлимига кўплаб жароҳатлар сабаб бўлганини кўрсатган. Шунингдек, айбланувчилардан бири — 1966 йилда туғилган шахс марҳум билан қўшни бўлган. Иккинчи айбланувчи — 1981 йилда туғилган шахс Пахтакор туманидаги Олмазор маҳалласида яшаган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Жиззахда маст эркак жанжаллашиб, танишини ўлдириб қўйгани ва Қашқадарёда эр хотинини калтаклаб, ўлдириб қўйгани хабар қилинган эди. Шунингдек, бухоролик аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйгани маълум қилинган.