Англиянинг Манчестер университети олимлари одам жинсини билдирадиган сўзларни мулоқотдан чиқариб ташлашни тавсия қилди. Агар таклиф қабул қилинадиган бўлса, гендер бўйича нейтрал атамалардан фойдаланишга ўтилади. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «The Guardian»

Маълум қилинишича, тавсия университетнинг гендер ва ирқий тенглик бўлими томонидан ходимларнинг мурожаатига жавобан ишлаб чиқилган. Унга кўра,  олимлар «ота» ва «она» сўзлари ўрнига «васий», «эр» ва «хотин» сўзлари ўрнига эса «шерик»ни ишлатиш кераклигини айтган.

Тавсия этилаётган атамалар қуйидагича:

  • у (аёл)/у (эркак) эмас, сиз ёки улар;
  • эркак/эркаклар ва аёл/аёллар эмас, киши/кишилар ёки шахс/шахслар;
  • хонимлар ва жаноблар эмас, ҳамма/ҳамкасблар;
  • ота ва она эмас, васий;
  • эр ва хотин эмас, шерик.

Журналистларнинг таъкидлашича, университетнинг қарори консерватив ўқитувчилар ва муаллифлар томонидан қаттиқ танқид қилинган. Жамоатчилик норозилигини тинчлантириш мақсадида университет матбуот хизмати ходимларга берилган тавсиялар «холислик ва тахминлардан қочиш учун кўпроқ инклюзив тилдан фойдаланишни» рағбатлантиришга қаратилганлигини қайд этган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳеч ким «ота» ва «она» сўзларини тақиқлаш ниятида эмас.

Аввалроқ британиялик мутахассислар Ойда яшаш қанчага тушишини ҳисоблаб чиққани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда кўнгиллиларга илмий мақсадда коронавирус юқтириш бошлангани маълум қилинган.