Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков 17 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида одамларни вакцинация жараёнларига ундаш учун атайлаб касаллик кўпайиши бўрттириб кўрсатилаётгани айтилган хабарларга изоҳ берди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»/ Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Эмлашга жалб қилиш учун атайин касаллик бўрттириб кўрсатиляпти, деган гапларда мантиқ йўқ. Касаллик болалар орасида кўпайяпти, биз эса 18 ёшдан юқориларни эмлашни режалаштиряпмиз.

Карантин чекловларига келсак, бундай бўлишига ўзимиз сабабчимиз. Чунки ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, масофа сақлаш қоидаларини унутиб қўйдик. Биз ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилиб кетдик, мана шу ҳолат вазият жиддийлашувига сабаб бўляпти», — дейди Нурмат Отабеков.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари интернет тармоқларида тарқалган Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этиб, расмий статистикада акс этмаган бемор масаласига ҳам ойдинлик киритиб ўтган. Унинг таъкидлашича, бемор шифохонага олиб борилишидан олдин унда вирус тасдиқланган. Аммо шифохонадаги махсус лаборатор текширувида манфий натижа қайд этилган. Шу сабаб ҳам расмий статистикага киритилмаган. Ҳозирда патологоанатом хулосаси кутилмоқда.

Аввалроқ Испаниялик олимлар коронавируснинг ижобий аломатини аниқлангани ҳақида хабар берилганди.