Тошкентда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилишида Ўзбекистонда хотин-қизлар учун махсус миллий имиж яратилиши ҳақида янги қарор лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда йиғилишда қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»/ Шоҳруҳ Ҳайдаров

Мажлисда эълон қилинган қарор лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистонда хотин-қизлар учун махсус миллий имиж яратилиши маълум қилинди. Сенат раиси Танзила Норбоева бу имижнинг муносиб вариантини яратиш кераклигини ва бу бўйича хотин-қизлар учун «Нафосат» кўрик танловлари ўтказилганини айтди. Шунингдек, у ушбу имиж билан ўзбек хотин-қизлари дунё юзи бўлиб туриши кераклигини, ҳозирда баъзи хотин-қизларнинг кийиниш маданияти, одоби бундай талабларга жавоб бермаётганини ва лойиҳа нафақат кийиниш маданияти, балки одоб-ахлоқ этикетини ҳам қамраб олиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мутасаддининг сўзларига кўра, бу лойиҳа бўйича Сенат томонидан кенг қамровли медиа режа ишлаб чиқилган. Унинг тарғибот-ташвиқот ишларига телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилиши ҳақида ҳам хабар берилди. Шунингдек, бу каби тарғибот ишлари олий таълим муассасалари сайтларида ҳам жойланилади.

Ҳозирда мазкур миллий имиж бўйича қўшимча топшириқлар берилиб, унинг амалиёти учун алоҳида чора-тадбирлар амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда имконияти чекланган хотин-қизлар учун давлат мукофоти жорий этилгани ҳақида хабар берилган эди.