Янгиликлар - 11:05 · 18.03.2021

Коронавирус борлигига ишонмаган Танзания президенти вафот этди

Коронавирусга ишонмаган Танзания президенти Жон Магуфули деярли уч ҳафтадан буён жамоатчилик олдида кўриниш бермаётгани ҳақида хабар берилган эди. «РИА Новости»нинг маьлум қилишича, Жон Магуфули 17 март куни 62 ёшида вафот этди.

Фото: «AFP»

Танзания оппозицияси етакчиси Тунди Лисунинг сўзларига кўра, 61 ёшли давлат раҳбари Кениядаги касалхонага оғир аҳволда коронавирус ҳамда юрак муаммолари билан ётқизилган. Бошқа манбаларнинг хабар беришича, президент аҳволи ўта оғир бўлгани боис даволаниш учун Ҳиндистонга олиб кетилган.

Ўз навбатида, мамлакат ҳукумати барча тахминларни инкор этган. Ҳуқуқий алоқалар вазири Мвигулу Нчембанинг Twitter’да ёзишича, президент ҳар доим эфирда бўлиши талаб этиладиган телебошловчи бўлмагани боис жамоатчилик олдида кўриниш беришга мажбур эмас.

Шу ҳафта бошида Кениянинг «The Nation» газетасида Африка мамлакатлари етакчиларидан бири коронавирусга чалиниш оқибатида Найробидаги касалхонага ётқизилгани ва ҳозирда сунъий нафас бериш қурилмасига улангани тўғрисида хабар эълон қилинган. Бироқ нашр давлат раҳбарининг исмини ошкор қилмаган. Шунга қарамай, мақолада қўшни Танзания билан боғлиқ ҳаволалар келтирилган.

Қайд этилишича, Магуфули охирги марта 24 февраль куни оммавий тадбирда қатнашган. Ўшанда давлат раҳбари Дар-эс-Саломдаги тижорат марказига ташриф буюрган ва у ердаги конференцияда нутқ сўзлаган. Шарқий Африка ҳамжамияти мамлакатлари раҳбарларининг 27 февраль куни видеоконференция шаклида бўлиб ўтган саммитида эса иштирок этмаган. Унинг ўрнига Танзания вице-президенти Самия Ҳасан Сулуҳу қатнашган.

Аввалроқ коронавирусга қарши эмланган дунё мамлакатлари раҳбарлари ҳақида хабар берилганди.