Ўзбекистонда 2021–2022 ўқув йили учун тест синовларида 1,6 миллион нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда АОКАда 18 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Давлат тест маркази бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев маълум қилди, дея хабар қилмоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, 2021–2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриати таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,6 миллион нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. 2021 йилда абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (my.dtm.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади.

Давлат тест маркази бошқармаси бошлиғининг сўзларига кўра, ҳозирда my.dtm.uz сайти такомиллаштирилиб, абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш учун тайёрланмоқда.

Маълумот ўрнида, аввалроқ олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси тасдиқланганди.