Қисқа видеолар яратиш имконини берувчи TikTok иловасида гуруҳ чатларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Reuters» ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, янги функция 2021 йилда ишга тушади. Гуруҳ чатларида хабар алмашиш имкониятини яратиш ByteDance компаниясининг TikTok иловасини «ижтимоий мулоқот иловаси»га айлантириш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Компаниянинг таъкидлашича, гуруҳ чатлари фойдаланувчиларнинг иловада кўпроқ бўлишларига кўмаклашади. Шунингдек, таниқли блогерларга ўз обуначилари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини беради.

Қайд этишича, TikTok ичида суҳбатлашиш имкониятининг йўлга қўйилиши ByteDance компаниясига Facebook ва бошқа йирик ижтимоий тармоқлар билан рақобатлашишга ёрдамлашади. ByteDance TikTok иловасига гуруҳ чатларини қўшишни 2020 йилда режалаштирган, аммо Дональд Трампнинг АҚШда ушбу иловани блоклашга уриниши бу режанинг амалга ошишига халақит берган.

Аввалроқ TikTok ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи видеороликларни блоклаётганини айтилганди. Шунингдек, ижтимоий тармоқ Евро—2020 расмий ҳамкорига айлангани ҳақида хабар берилганди.