Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида шубҳали пакет топилгани, унинг ичидаги нарса инсонлар учун хавфли эканлиги тўғрисидаги хабарга Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати изоҳ берди.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 17 март куни соат 14:40 атрофида «Малика» савдо комплекси ҳудудидаги дўконлардан бирининг ёнида номаълум шахс томонидан қора рангли спорт сумкаси қолдирилгани ҳақида хабар келиб тушган. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудуд чегараланиб, сумка кўрикдан ўтказилганида ичида қонунга хилоф ва инсон ҳаёти учун хавфли ҳеч нарса топилмаган.

Кўрилган тезкор тадбирлар давомида сумка Юнусобод туманидаги қурилиш объектида ёлланма ишчи бўлиб ишловчи 18 ёшли Ж.К. томонидан унутиб қолдирилгани аниқланган. Суҳбат давомида у савдо комплекси ҳудудига телефонини тузатиш учун келганини, сумка оғир бўлгани учун уни дўкон олдида қолдирганини маълум қилган.

Аввалроқ «Билдирсой», «Чорвоқ» дам олиш масканлари ҳамда «Малика», «Пойтахт» бизнес мажмуалари инвесторларга сотилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Фарғонада шифокор маст беморни электрошокер билан ургани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилгани ва Сирдарёдаги бозорда Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари одамларни мажбурлаб автобусда олиб кетгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилгани маълум қилинган.