«Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 26 февралда Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Фото: ЎзА

Қарорга мувофиқ, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида қуйидагилар тасдиқланди:

  • қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш концепцияси;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг таркиби;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:

  • аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;
  • аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш;
  • мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ статистик маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилиш.

Рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги фаолиятининг қуйидаги асосий кўрсаткичларини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади:

  • қишлоқ хўжалиги объектларининг иқтисодий фаолият турлари;
  • меҳнат ресурслари ва уларнинг демографик тавсифлари;
  • ер ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
  • қишлоқ хўжалиги экинлари майдони;
  • иссиқхоналар майдони ва бошқалар.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш жараёни 3 босқичда амалга оширилади.

1-босқич 2022–2024 йилларни ўз ичига олиб, қуйидагиларни назарда тутади:

  • рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тамойиллари ҳамда методик асослари, рўйхатдан ўтказишга доир бошқа масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш;
  • синов асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш, натижаларини таҳлил қилиш;
  • рўйхатдан ўтказишнинг якуний натижаларини олиш ва эълон қилиш учун автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;
  • рўйхатдан ўтказиш тадбирларида иштирок этувчи ходимларни ўқитиш.

2-босқич 2024 йилда амалга оширилиб, бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири бажарилади, яъни қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисидаги бирламчи маълумотлар йиғилади.

3-босқич — 2024–2026 йилларда қуйидагилар амалга оширилади:

  • рўйхатдан ўтказишга доир бирламчи маълумотларни қайта ишлаш учун автоматлаштирилган ахборот тизимида қабул қилиб олиш;
  • маълумотларини автоматлаштирилган ахборот тизимида қайта ишлашга тайёрлаш ва жорий этиш;
  • рўйхатдан ўтказиш бўйича дастлабки натижаларни олиш;
  • рўйхатдан ўтказиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш.

 Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган бўлиб, 2021 йил 26 февралдан кучга кирган.

Аввалроқ Қорақалпоғистон ва вилоятларда битта туман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилиши ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти такомиллаштирилиши хабар қилинган эди.