Қозоғистонда рақамли корона-паспортлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вице-вазири, бош давлат санитария шифокори Ерлан Киясовга асосланиб, «Zakon» хабар берди.

Фото: «Global look press»

Маълум қилинишича, тўлиқ эмланганлар, яъни вакцинанинг иккала дозасини олганлар ҳақидаги маълумотлар учун ушбу дастур аллақачон «eGov mobile» базасида мавжуд бўлиб, ушбу база фойдаланувчилари шахсий саҳифасига кириб, ўзлари ҳақидаги маълумотларни бемалол олиши мумкин.

Вице-вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда иловадаги маълумотни инглиз тилига таржима қилишга имкон берувчи функция устида ишланмоқда.

«Гап шундаки, ҳозирда ушбу дастурдаги маълумотлар фақат рус ва қозоқ тилларида бўлади. Айни пайтда инглиз тилига таржима қилишга имкон берувчи функция устида ишлар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, бу яқин келажакда амалга оширилади», — дея қўшимчa қилган соғлиқни сақлаш вице-вазири.

Аввалроқ Қозоғистон апрелдан маҳаллий вакцинасини оммавий ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар берилганди.