Андижон вилояти Асака туманидаги 49-мактабда 13 март куни ўқитувчи фарзандини катлаклагани ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» ҳолат юзасидан қўшимча маълумот олиш учун мактаб маъмурияти билан боғланди.

Кадр: Telegram/ @bugunuzlive

Таълим муассасаси директори Умид Мирзахолиқовнинг таъкидлашича, видеотасвирдаги аёл Мадина Умаралиева мактабда мусиқа фанидан дарс берган. У аёлнинг ўзи ниҳоятда жанжалкаш ўқитувчи бўлган.

«Охирги марта 3 кун аввал Тошкентга чиқиб кетган, деб эшитдик. Айни пайтда касаллик варақаси очтириб, мактабда дарс бермаяпти. Аёлнинг телефонига умуман боғланиб бўлмаяпти», — дейди мактаб директори «Bugun.uz» мобиль мухбири Муҳаммадюсуф Йўлдошев билан суҳбатда.

Шунингдек, Халқ таълими вазири матбуот котиби Лайло Рустамова ҳам «Bugun.uz» мухбири билан суҳбат пайтида ҳозирча боланинг онаси билан боғланиб бўлмаганини маълум қилганди. «Ўқитувчи сифатида эмас, боланинг онаси сифатида ўз боласини урган, шунинг учун ҳам вазиятга ўқитувчи-ўқувчи шаклида баҳо бермаслик керак», — дея таъкидлаган вазирлик матбуот хизмати раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 21 март куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманидаги мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Видеолавҳада акс этган бошланғич синфларда тасвирий санъат ва мусиқа фани ўқитувчиси Мадина Умаралиева 1986 йилда туғилган, Меҳнатобод маҳалласида яшайди. Таълим муасасасига мактабнинг 2019 йил 4 сентябрь кунги 109-сонли буйруғига асосан мусиқа фани ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинган.

Видеолавҳада акс эттирилган воқеада Мадина Умаралиева ўғлини, яъни ушбу мактабининг 4-Б синф ўқувчиси Иқбол Маҳаммаджоновни калтаклаган. Бунга сабаб ўқувчи дарс вақтида сўроқсиз уйига кетиб қолган. Шунинг учун синф раҳбари Ш.Эргашева ўқувчини суриштириб, М. Умаралиевага фарзандининг дарсда иштирок этмаганини айтган, шундан сўнг аёл аччиқ қилиб ўз фарзандини урган. Ушбу ҳолат юзасидан Асака тумани вояга етмаганлар комиссиясига мурожаат қилинган.