Андижон вилояти Асака туманидаги мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. «Bugun.uz» ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Қайд этилишича, Асака туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи ўқувчини дўппослагани тўғрисида юборилган видеолавҳа юзасидан умумий ўрта таълим мактаби фаолияти туман халқ таълими бўлими томонидан ўрганилган.

Видеолавҳада акс этган бошланғич синфларда тасвирий санъат ва мусиқа фани ўқитувчиси Мадина Умаралиева 1986 йилда туғилган, Меҳнатобод маҳалласида яшайди. Таълим муасасасига мактабнинг 2019 йил 4 сентябрь кунги 109-сонли буйруғига асосан мусиқа фани ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинган.

Видеолавҳада акс эттирилган воқеада Мадина Умаралиева ўғлини, яъни ушбу мактабининг 4-Б синф ўқувчиси Иқбол Маҳаммаджоновни калтаклаган. Бунга сабаб ўқувчи дарс вақтида сўроқсиз уйига кетиб қолганлиги учун синф раҳбари Ш.Эргашева ўқувчини суриштириб, фарзандини дарсда иштирок этмаганини айтгани учун М. Умаралиева аччиқ қилиб ўз фарзандини урган.

Халқ таъими вазирлиги матбуот хизматининг «Bugun.uz» мухбирига маълум қилишича, бу ҳолат юзасидан ўрганишлар видеолавҳа тарқалишидан аввалроқ бошланган. Ҳозирча боланинг онаси билан боғланиб бўлмаган.

«Ушбу ҳолат юзасидан Асака тумани тумани вояга етмаганлар комиссиясига мурожаат қилинган. Келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан туман халқ таълими бўлими зарурий чораларни кўриб, тегишли ишларни олиб боради ҳамда жамоатчилик ва ота-оналарни ҳамкорликка чақиради», дейилади хабарда.

Аввалроқ Фарғонада тадбиркорнинг қизи билан ёзишган 14 ёшли йигит калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда неварасини ургани учун ўқитувчига тарсаки туширган аёлга чора кўрилгани хабар қилинган.