Ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди. «Bugun.uz» мухбири хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ёзувчи билан боғланишга ҳаракат қилди. Қўнғироққа унинг келини Ш.Абдуқодирова жавоб бериб, қайнатасининг 21 март куни вафот этганини маълум қилди.

Кадр: YouTube

Ўзбек адабиётининг замонавий болалар ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг таъзияси 22 март куни соат 14:00 да бўлиб ўтади.

Худойберди Тўхтабоев 1932 йил 17 декабрь куни Фарғона вилоятининг Катта Тагоб туманида туғилган. 1949 йил Қўқон давлат педагогика институтини, 1955 йилда Тошкент Давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини) тамомлайди.

Ижодий фаолиятини Фарғона вилоятидаги мактабда дарс беришдан бошлаган, кейинроқ ўқув ишлари мудири ва мактаб директори лавозимларида ишлайди.

1958 йилдан Худойберди Тўхтабоев кейинги 14 йил мобайнида «Тошкент оқшоми», «Совет Ўзбекистони» газеталарида 300 дан ортиқ фельетонларини чоп этади. Шунингдек, «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Гулхан», «Ғунча», «Ёш куч» журналларида, «Ёш гвардия» ва «Камалак» босма нашрларида ижод намуналари билан иштирок этади.

1958 йил қисқа вақт мобайнида «Ёш гвардия», «Сир фош этилди», «Сеҳрли қалпоқча» каби китоблари омма эътиборига ҳавола қилинди.

Кейинроқ «Омонбой ва Давронбой», «Сариқ девни миниб», «Йиллар ва йўллар», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида», «Жаннати одамлар» каби китоблари чоп этилади.

Хорижий китобхонлар орасида Худойберди Тўхтабоев «Сеҳрли қалпоқча» эртак-қиссасининг рус тилига таржимаси (шунингдек, украин, француз ва бир қатор бошқа тиллар) билан танилган.

Аввалроқ кинорежиссёр Баҳром Ёқубов 60 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.