Telagram мессенжери облигациялар сотиш орқали 1 миллиард долларлик сармоя жалб қилди. Бу ҳақда унинг асосчиси Павел Дуров ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг сўзларига кўра, Telegram’нинг асосий мақсади келажакда ўнлаб йиллар ёки асрлар давомида инсониятга хизмат қилиши мумкин бўлган молиявий барқарор лойиҳага айланиш бўлиб, 1 миллиард доллар сармоянинг жалб қилингани ушбу мақсадга эришиш йўлидаги яна бир қадам бўлган.

«Яна бир қувончли хабар — Telegram дунёдаги энг йирик ва энг муҳим инвесторларга облигацияларни сотиш орқали бир миллиард доллардан кўпроқ маблағ тўплаганини эълон қилишдан мамнунман. Бу Telegram’га ўз мустақиллиги ҳамда хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда ўсишда давом этишига имкон беради. Йиғилган маблағлар мен режалаштираётган стратегияни амалга оширишга ҳисса қўшади», — деб ёзган Дуров.

Қайд этилишича, инвесторлар орасида БААнинг «Mubadala Investment Company» ҳамда «Abu Dhabi Catalyst Partners» компанияси бор.

Аввалроқ Telegram танланган инвесторлар орқали 1 миллиард доллар жалб қилиши маълум қилинганди.