Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 2-босқич талабасида коронавирус аниқлангани учун ўқиш 5 апрелга қадар онлайн тизимга ўтказилди. Университет раҳбарияти «Bugun.uz»га маълумотни тасдиқлади.

Фото: Инҳа университети

Университет раҳбариятининг берган маълумотига кўра, ҳаққатан ҳам, 2-босқич талабасининг қон таҳлиллари натижасида коронавирус ижобий қайд этилган. Шу сабабли университет 5 апрелга қадар масофавий таълимни йўлга қўйган. Шунингдек, университет раҳбарияти ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар, хусусан, университет бутунлай ёпилгани ҳақидаги хабарларни асоссиз эканлигини таъкидлади.

Қўшимча қилинишича, талаба ўқиётган гуруҳни изолятса қилиш тавсия этилган бўлсада, талабаларнинг хавфсизлгиини таъминлаш мақсадида ва университетнинг масофадан ўқитиш имкониятлари юқорилиги ҳисобга олиниб талабалар 5 апрелга қадар масофавий таълим олади. Таъкидланишича, 4-курс логистика талабалари Жанубий Кореядаги Инҳа университетидан масофадан таълим олган.

Қайд этилишича, 22 март куни университетнинг иккала биноси ҳам тўлиқ дезинфекция қилинган: ўқув хоналари, лабораториялар, ўқитувчилар хоналари, кутубхона, ошхоналар, йўлаклар, зинапоялар, лифтлар ва хоказолар.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирус бўйича карантин назорати кучайтирилиши ва Тошкентдаги боғчаларнинг бирида 2 тарбиялaнувчи ва тарбиячида коронавирус аниқлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонга Ҳиндистоннинг коронавирусга қарши вакцинаси келтирилиши маълум қилинган.