Тожикистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланди
Жараён давомида 5,8 миллион киши вакцина олиши айтилган
Тожикистон пойтахтидаги клиникалардан бирида 23 март, сешанба куни коронавируснинг янги турига қарши эмлаш ишларини бошлаш бўйича расмий маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ховар» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, мамлакатда 22 март куни аҳолининг заиф гуруҳлари орасида коронавирусга қарши босқичма-босқич эмлаш ишлари бошланиши режалаштирилгани айтилган. Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига аҳолини CОVID-19’га қарши эмлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган.
Бундан ташқари, вазирлик зиммасига республикадаги барча тиббиёт муассасаларига вакцинани ўз вақтида етказиб бериш юклатилган, шунингдек, ҳар бир шифохонада қулай шароитлар яратиш кераклиги таъкидланган.
Маълумот ўрнида, Тожикистонга 8 март куни «AstraZeneca» вакцинанинг биринчи қисми (192 минг доза) етказиб берилган бўлиб, мамлакатда 5,8 миллион кишини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Тожикистоннинг жанубида COVID-19 билан касалланганларни қабул қилиш марказини қуриши маълум қилинганди.